(31) Уларнинг макри ҳақида эшитган вақтда, уларга одам юбориб чақирди. Уларга суяниб ўтирадиган жой тайёрлади. Ва ҳар бирларига пичоқ берди. Сўнгра (Юсуфга): «Уларнинг олдига чиқ!» деди. Уни кўрган чоғларида лол қолдилар, қўлларини кесдилар. Ва: «Ё пок Парвардигоро! Бу башар эмас! Бу карамли фариштанинг ўзи-ку!» дейишди. (Юсуф меҳмонларнинг ҳузурига чиқди. Аёллар унинг ҳусну жамолини кўриб, бошлари айланиб, лол қолдилар, ҳайратга тушдилар ва беихтиёр: «Қўлларини кесдилар». Ана шунда Азизнинг хотини уларни, Юсуфнинг ҳусну жамоли олдида таажжуб ва ҳайрат ила лол бўлганларини кўриб, ўзини ғолиб сезди. Энди у ўзини маломат қилган аёллар устидан кула бошлади.)
(32) У: «Сиз мени маломат қилган эдингиз. Ҳа, мен ундан нафсини хоҳладим, бироқ у ўзини сақлади. Агар у менинг амримни бажармаса, албатта, қамалур ва хор бўлгувчилардан бўлур», деди.
(33) «Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир, бу(аёл)ларнинг макрини мендан Ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан», деди.
(34) Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди. Албатта, Унинг ўзи эшитгувчи ва билгувчи зотдир.
(35) Сўнгра оят-аломатларни кўрганларидан кейин уларга уни бир муддат қамашлари аён бўлди. (Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг, Азиз ва унинг атрофидагиларга, хотиннинг аҳлига Юсуфнинг беайб эканлиги аломатлари зоҳир бўлиб, кўзлари билан кўрганларидан кейин, уни бир муддат қамашлари аён бўлди. Юсуфнинг (а. с.) бошларига янги синов келди. У киши қамоққа тушди.)
(36) У билан қамоққа иккита йигит ҳам кирди. Улардан бири: «Мен тушимда, шароб тайёрлаб юрибман», деди. Бошқаси эса: «Мен бошимда нон кўтариб юрибман, қуш ундан емоқда», деди. «Бизга бунинг таъбирини хабар қил. Биз сени, шубҳасиз, яхши амал қилгувчилардан, деб билмоқдамиз».
(37) У: «Мен сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг қандай эканининг хабарини бераман. Бу иш менга Роббим таълим берган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати-динини тарк этган одамман», деди. (Юсуф (а. с.) ўзларига умид билан қараб турган икки йигитга латофат билан жавоб бердилар. Дастлаб, улар тушунолмай қийналаётган жумбоқни ечиш осон иш эканлигига ишора қилдилар. Сўнгра дин ҳақида сўз очдилар. У кишининг ақидалари ва даъват қилаётган динлари бошқа динлар қатори Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиришга асосланган. Бу икки унсур ҳамма Пайғамбарларнинг ақидасидир.)