(84) Сизлардан бир-бирингизнинг қонларингизни тўкмайсиз ва диёрингиздан чиқармайсиз, деб аҳду паймонингизни олганимизни эсланг. Сўнгра гувоҳлик бериб туриб иқрор бўлдингиз.
(85) Сўнгра сиз ўзингизни ўзингиз ўлдирасиз ва бир гуруҳингизни диёридан чиқарасиз ҳамда уларга қарши гуноҳ ва душманлик йўлида ёрдам берасиз. Агар улар асир бўлсалар, қутқариб оласиз. Ва ҳолбуки, уларни чиқариш ҳаром эди. Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми?! Сизлардан ўшани қилганларнинг жазоси бу дунёда фақат расво бўлишликдир, қиёмат кунида эса, энг шиддатли азобга қайтарилурлар. Аллоҳ қилаётганингиздан ғофил эмас.
(86) Ана ўшалар дунё ҳаётини охиратга сотиб олганлардир. Улардан азоб енгиллатилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.
(87) Ва батаҳқиқ, Мусога китобни бердик ва унинг ортидан Пайғамбарларни кетма-кет юбордик. Ва Ийсо ибн Марямга равшан (мўъжизалар)ни бердик ва уни руҳул қудс билан қўлладик. Ҳар қачон Пайғамбар сизнинг ҳавою нафсингизга ёқмайдиган нарса келтирса, мутакаббирлик қилиб, баъзиларини ёлғончига чиқариб, баъзиларини ўлдираверасизми?!
(88) Ва улар: «Қалбимиз ғилофланган», дейишади. Йўқ, ундай эмас, куфрлари сабабли Аллоҳ уларни лаънатлаган. Бас, озгинагина иймон келтирадилар. (Яҳудийлар Исломга даъват қилинганларида: «Бизнинг қалбимиз ғилофланган, янги даъват кирмайди, янги даъватчини қабул қилмайди», деб айтишар эдилар. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бу гаплари ёлғон эканини фош этиб, ҳақиқатни баён қилмоқда. Ҳақиқат нима? Ҳақиқат шулки, улар аввалдан куфр келтириб, иймондан қочиб юрганлари учун Аллоҳ уларни лаънатлаб, яъни, раҳматидан қувиб, ҳидоят неъматидан маҳрум этган. Шу сабабдан улар иймонга кела олмайдмлар. Агар мабодо келсалар ҳам, жуда оз келадилар.)