(74) Ва сизларни Оддан кейин халифа қилганини ва сизга ер юзида имкон бериб, текисликларида қасрлар қуриб, тоғлардан уйлар ўйганларингизни эсланг. Аллоҳнинг неъматларини эсланг ва ер юзида фасод-ла бузғунчилик қилманг!» деди. (Ривоятларда баён этилишича, Аллоҳ таоло гуноҳ амаллар қилгани учун Од қавмини ҳалокатга гирифтор этганидан сўнг, уларнинг диёрида Самуд номли қавм макон этиб, ўша ерларни обод қилганлар. Уларнинг умрлари бардавом бўлиб, фаровон турмуш кечирганлар. Паст-текислик жойларни танлаб, улкан қасрлар бунёд этганлар. Тоғлар бағрида тошларни ўйиб уйлар ясаганлар. Ҳозиргача ўша масканларнинг баъзилари сақланиб қолган. Солиҳ (а. с.) уларга бу нарсаларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг неъмати эканини эслатиб, уларни шукр қилишга ундадилар.)
(75) Унинг қавмидан мутакаббир бўлган зодагонлар, заифҳол бўлганлардан иймон келтирганларига: «Солиҳни Роббидан Пайғамбар қилиб юборилган, деб билмоқдамисиз?!» дедилар. Улар: «Албатта, биз у ила юборилган нарсага иймон келтирувчилармиз» дедилар.
(76) Мутакаббир бўлганлар: «Албатта, биз сиз иймон келтирганга кофирмиз», дедилар.
(77) Бас, туяни сўйдилар, Роббилари амрида тажовузкорлик қилишди ва: «Эй Солиҳ, агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!» дедилар. (Аллоҳнинг, туяни тек қўйинглар, унга ёмонлик етказманглар, деган амрига қасдма-қасд уни ўлдирдилар. Куфрда ҳаддан ошдилар.)
(78) Бас, уларни шиддатли зилзила олди ва жойларида ўтириб қолдилар.
(79) Кейин, У улардан юз ўгирди ва: «Эй қавмим, батаҳқиқ, мен сизга Роббимнинг юборганини етказдим ва насиҳат қилдим. Лекин сиз насиҳат қилувчиларни севмас экансиз», деди.
(80) Ва Лутни (юбордик). Унинг ўз қавмига: «Сиздан олдин оламларда ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қиласизларми?!
(81) Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар. Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деганини эсла. (Лут (а. с.) қиссаларида, у зот дафъатан ўз қавмларининг улкан қабиҳ ишлари–баччабозликларини қоралашга бошлайдилар. Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсида яратди. Ҳар бирига ўзига хос аъзолар ва хусусиятлар берди. Аллоҳ таоло инсон зотини жинсий яқинлик йўли билан яратиб, унинг насли покиза йўл билан кўпайиб туришини ирода ва ҳаётий зарурат қилди. Бу йўлдан тажовуз қилганлар ва Аллоҳ иродасига зид бориб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қиладиганлар ақидаси бузуқ ва тубан кишилар ҳисобланадилар. Шу боисдан мазкур қиссада худди шу фоҳишалик бош масала қилиб кўтарилади. Бинобарин, Лут (а. с.) бу ёруғ оламда ҳеч бир зот қилмаган улкан гуноҳга биринчи бўлиб қўл урган қавмларини: «Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деб таърифламоқдалар.)