(90) Йўқ! Биз уларга ҳақни келтирдик. Улар эса ёлғончилардир.
(91) Аллоҳ ҳеч бир фарзанд тутмаган, У билан бирга ҳеч бир илоҳ бўлмаган. Шундоқ бўлганида, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарсаси билан кетиб, баъзилари баъзиларидан устун келар эди. Аллоҳ улар қилаётган васфдан пок бўлди. (Яъни, Аллоҳдан бошқа яна илоҳ бўлганида, у ҳам ўзига бирор нарсаларни яратган бўлар эди. Оқибатда ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарсани ўзича тасарруф қилавериб, дунёнинг низоми бузилар эди. Ҳар бир илоҳ ўзиникини ўтказаман деб уриниши натижасида ораларида низо чиқар, баъзилари баъзиларидан устун келар эди. Дунё низоми бузилар эди. Бу ақида Аллоҳдек зотга айб, нуқсонни васф қилишдир.)
(92) У ғайбни ва ҳозирни билгувчидир. У улар ширк келтираётган нарсадан олийдир. (Аллоҳ таоло ҳамма нарсани–ғайбни ҳам, ҳозирни ҳам билгувчи зотдир. У зот мушриклар ширк келтираётган нарсадан олийдир.)
(93) Сен: «Эй Роббим, агар менга, албатта, уларга ваъда қилинган нарсани кўрсатадиган бўлсанг.
(94) Эй Роббим, мени золим қавмлар ичида қилмагин», деб айт.
(95) Албатта, Биз уларга ваъда қилаётган нарсамизни сенга кўрсатишга қодирмиз.
(96) Сен эса, ёмонликни гўзал нарса ила даф қил. Биз нима васф қилаётганларини яхши билгувчимиз.
(97) Сен: «Эй Роббим, сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ сўрайман!
(98) Сендан, эй Роббим, уларнинг менга ҳозир бўлишларидан паноҳ сўрайман», деб айт.
(99) Токи улардан бирига ўлим келган чоғда: «Эй Роббим, мени (ҳаётга) қайтаргин.
(100) Шоядки тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам», дер. Йўқ! Албатта, бу (қуруқ) сўз бўлиб, у айтгувчи, холос. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир.
(101) Бас, қачонки сурга пуфланганда, у кунда ораларида на насаб қолур ва на бир-бирларини суриштирурлар. (Яъни, қиёматдан дарак бергувчи сурга пуфланган пайтда ҳар ким ўзи билан овора бўлиб, одамлар орасида наслу насаб алоқалари қолмас. Балки ҳамма отаси, онаси, ака-укаси, бола-чақасидан қочадиган бўлиб қолади.)
(102) Кимнинг мезонлари оғир келса, бас, ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир.
(103) Кимнинг мезони енгил келса, бас, ана ўшалар, ўзларига зиён қилибдилар. Жаҳаннамда абадий қолгувчи бўлибдилар.
(104) Юзларини олов куйдирур. Улар унда бадбашара ҳолда бўлурлар.