(163) Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги Набийларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Асбот, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонларга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик. (Демак, ҳамма Пайғамбарларга ваҳий юбораётган, уларни бандалар ичидан танлаб олаётган зот битта. Мазкур Пайғамбарларга ваҳий юборган ўша зот Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам ваҳий юборган. Мазкур кишиларни Пайғамбар қилиб танлаб олган ўша зот Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб танлаб олгандир. Довуд алайҳиссаломга Забурни берган бўлса, Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръонни бергандир.)
(164) Ва Биз сенга бундан олдин қиссаларини айтиб берган ва қиссаларини айтиб бермаган Пайғамбарларни юбордик. Ва Аллоҳ Мусо ила ўзига хос гаплашди. (Қуръони Каримда номлари зикр қилинган Пайғамбарлар қуйидагилар: Одам, Идрис, Нуҳ, Xуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Шуайб, Мусо, ғорун, Юнус, Довуд, Сулаймон, Илёс, ал-Ясаъ, Закариё, Яҳъё, Зул-Кифл, Ийсо ва Муҳмаммад алайҳиссаломлардир. Қуръони Каримда номлари зикр қилинмаган Пайғамбарлар ҳақидаги энг ишончли маълумот Ибн Мурдавайҳи Абу Зарр ал-Ғифорийдан (р. а.) қилган ривоятда келган, у киши айтадиларки: «Эй Аллоҳнинг Расули, Пайғамбарлар қанча?» деб сўрадим. У зот (с. а. в.): «Бир юз йигирма тўрт мингта», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, улардан қанчаси Расуллар?» дедим. У зот: «Уч юз ўн учтаси, кўпчилик» дедилар.)
(165) Башорат берувчи ва огоҳлантирувчи Пайғамбарларни Аллоҳ ҳузурида одамларга Пайғамбарлардан сўнг ҳужжат бўлмаслиги учун юбордик. Ва Аллоҳ азиз ва ҳаким бўлган зотдир.
(166) Лекин Аллоҳ сенга нозил қилган нарсаси ила гувоҳлик беради. Уни Ўз илми ила нозил қилди. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.
(167) Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганлар, батаҳқиқ, қаттиқ адашгандирлар.
(168) Албатта, куфр келтирганлар ва зулум қилганларни Аллоҳ зинҳор мағфират қилмас ва йўлга ҳидоят ҳам қилмас.
(169) Магар жаҳаннам йўлига (ҳидоят қилади) ва унда абадий қолурлар. Бу Аллоҳ учун осондир.
(170) Эй одамлар! Батаҳқиқ, сизларга Роббингиздан ҳақ ила Пайғамбар келди. Бас, иймон келтиринг, ўзингизга яхши бўладир. Агар куфр келтирсангиз, зотан осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.