(138) Ва Бани Исроилни денгиздан олиб ўтдик. Бас, улар ўз санамларига берилиб сиғинаётган қавм устига келдилар. Улар: «Эй Мусо, бизга ҳам худди уларнинг худоларига ўхшаш худо қилиб бер», дедилар. У: «Албатта, сиз жоҳил қавм бўлаётибсиз.
(139) Ахир, анавилар этиб турган нарса ҳалокатдир ва қилаётган ишлари ботилдир», деди. (Аслида, уларни Фиръавн ва унинг аҳлининг узоқ муддатли эзишидан, хўрлашидан халос этган Аллоҳга шукр айлаб, ёлғиз Унгагина ибодат қилишлари керак эди. Аслида, уларни даҳшатли азоб-уқубатлардан Аллоҳнинг амри ва ёрдами ила фидокорлик қилиб қутқазиб олиб чиққан Пайғамбарлари Мусонинг (а. с.) маслаҳатисиз ҳеч бир иш қилмасликлари лозим эди. Лекин улар бир золим бутпараст қавмни йўл-йўлакай кўриб қолиб, уларга ҳавас қиляптилар.)
(140) У: «Сизларга Аллоҳдан ўзгани худо қилиб берайми?! Ҳолбуки, У сизларни оламлардан афзал қилган зот-ку!» деди. ( Аллоҳ таоло уларга Пайғамбар юбориб, илоҳий китоб нозил қилса, шариат бериб, ўз замонасидаги одамлардан афзал этиб қўйса-ю, улар ўз Пайғамбарларига, бизга ҳам анави қавмнинг худоларига ўхшаш худо қилиб бер, деб туришса. Бу ғоят даражада ношукрлик ва ўтакетган шаккоклик эди)
(141) Сизларни ёмон азобларга қўяётган, ўғилларингизни ўлдириб, қизларингизни тирик қолдираётган Фиръавн аҳлидан қутқарганимизни эсланг! Ва бу ишда Роббингиздан улуғ синов бордир.
(142) Ва Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашдик. Кейин эса, уни ўн (кеча) билан тугал қилдик. Бас, Роббининг белгилаган вақти тўлиқ қирқ кеча бўлди. Мусо акаси Ҳорунга: «Қавмимда менинг ўрнимни ол, яхши иш қил, бузғунчиларнинг йўлига эргашма», деди.
(143) Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, сенга назар солай», деди. У зот: «Мени ҳеч кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди. Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», деди. (Башар фарзанди тарихидаги тенги ва ўхшаши йўқ ҳодиса. Робб ила банданинг учрашуви. Бутун оламларни яратган Зот билан ўша оламларнинг кичик бир заррасининг юзлашуви. Бу учрашув тафсилотини ва қандай ҳолда рўй берганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса, Қуръонда зикр этилгани билан кифояланамиз, холос. Эҳтимол ушбу учрашув келажакдаги машаққатларни енгиб ўтиш учун Мусога (а. с.) қувват ва сабот манбаи бўлар. Эҳтимол шунинг учун учрашувдан бурун қирқ кун ҳамма нарсани тарк этиб, чилла ўтириб алоҳида ҳозирлик кўрилгандир. Вақти-соати етиб, учрашув ўз вақтида, белгиланган жойда содир бўлди. Бу учрашув араб лафзида «мийқот», яъни, исми замон ва исми макон бўлиб ва учрашув вақти ва замони маъносини билдиради.)