(48) Батаҳқиқ, бундан аввал ҳам, улар ёқтирмасалар-да, ҳақ келиб, Аллоҳнинг иши устун бўлгунича, фитна қўзиб, сенга ишларни ағдар-тўнтар қилишар эди. (Яъни, мунофиқлар аввалдан фитначи бўлиб келганлар. Улар Пайғамбаримиз (с. а. в.) Мадинаи Мунавварага келган пайтларида устма-уст фитна қўзғашган. Доимо ишларни остин-устин қилиб бузиб юришган. Токи Аллоҳ имкон бериб, душманлар устидан ғалаба қозониб, Ислом куч-қувватга эга бўлгандагина, қўрққанларидан бир оз бўшашиб қолишган эди.)
(49) Улардан: «Менга изн бер, мени фитнага солма», дейдигани ҳам бор. Ажабо, улар фитнага тушмадиларми? Албатта, жаҳаннам кофирларни ўраб олгувчидир. (Ушбу ояти кариманинг сабаби нузули ҳақида Муҳаммад ибн Исҳоқ қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Расулуллоҳ (с. а. в.) бир куни жангга ҳозирлик кўриб (Табук жангига) Жадд ибн Қайсга: «Эй Жадд, Бани Асфарга (яъни, румликларга) қарши курашга тайёрмисан?» дедилар. У бўлса: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга изн бер, мени фитнага солма. Мен Бани Асфар (сариқлар)нинг хотинларини кўрсам, чидай олмайман, деб қўрқаман», деди. Шунда Расулуллоҳ (с. а. в.) ундан юз ўгирдилар ва: «Сенга изн бердим», дедилар.)
(50) Агар сенга яхшилик етса, уларни хафа қиладир. Агар сенга мусибат етса: «Олдиндан ишнинг олдини олган эдик», деб хурсанд бўлиб юз ўгириб кетарлар. (Аҳли Исломга етган яхшилик мунофиқлар учун мусибатдир. Аммо аҳли Исломга мусибат етса, мунофиқлар хурсанд бўладилар. Яхшиям уларга қўшилмаганимиз, уларнинг гапига кирмай, ишнинг олдини олган эканмиз, соғ-саломат қолдик, дейишади.)
(51) Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт. (Яъни, бизга нима етса ҳам, Аллоҳдан етади. Аллоҳ таоло бизга нимани битган бўлса, ўшани кўрамиз.)
(52) Сен: «Сиз биз учун фақат икки яхшиликдан бирини кутмоқдасиз, холос. Биз эса, Аллоҳ сизни Ўз ҳузурида бўладиган ёки бизнинг қўлимиздан етадиган азобга дучор қилишини кутмоқдамиз. Бас, кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан бирга кутувчилармиз», деб айт. (Жиҳодга бормай қолган мунофиқлар жиҳодга кетган мусулмонлар учун икки нарсадан бирини кутадилар, холос. Ўша икки нарса ҳам мусулмон учун яхшиликдир. Улардан бири–мусулмон инсоннинг олий мақсади–Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиб шаҳид бўлишдир. Иккинчиси эса–урушда ғолиб келишдир.)
(53) Сен: «Хоҳлаб ёки хоҳламай нафақа қилаверинглар. Сиздан зинҳор қабул қилинмайди. Сизлар, шубҳасиз, фосиқ қавм бўлдингиз», деб айт.
(54) Уларнинг нафақаларининг қабул этлишидан ман қилган нарса фақат Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирганлари, намозга доимо дангаса ҳолларида келганлари ва доимо ёқтирмай инфоқ қилганларидир.