(21) Ўз қавмини қум тепаликларда огоҳлантирган Однинг биродарини эсла! Ва ҳолбуки, ундан аввал ҳам, кейин ҳам огоҳлантирувчилар ўтган. «У зотдан ўзгага ибодат қилманглар, албатта, мен улуғ кунда бошингизга тушадиган азобдан қўрқурман», (деб). («Однинг биродаридан» мурод Пайғамбар Ҳуд алайҳиссаломдир. У киши ўз қавми Одга Аллоҳ томонидан Пайғамбар қилиб юборилганлар. Од қавми «Боида» арабларидан бўлиб, асли Арабистон ярим оролининг жанубида, Ҳазарамавт томонда, баландлик–қумтепа жойларда яшаган. (Исмоил алайҳиссаломдан аввал ўтган арабларни «Боида» араблари дейилади.)
(22) Улар: «Бизни худоларимиздан оздиришга келдингми? Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир», дедилар.
(23) У: «Албатта, илм Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен нима билан юборилган бўлсам, шуни етказмоқдаман. Лекин сизларнинг жоҳил қавмлигингизни кўриб турибман», деди. (Кофирлар Пайғамбардан въда қилинаётган азобни тезроқ келтиришни талаб қилишди. Пайғамбар эса, менга сизларни огоҳлантириш топширилган эди, шуни бажардим, азобнинг қачон келишининг илми эса фақат Аллоҳнинг ҳузурида. Мен унинг вақтини ҳам, шаклини ҳам билмайман, дедилар.)
(24) У(азоб)нинг водийлари томон кўндаланг бўлиб юрганини кўришганда, бу кўндаланг бўлувчи, бизга ёмғир ёғдирур, дедилар. Йўқ! Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарса, аламли азоби бор бўрондир.
(25) У Роббисининг амри ила ҳар бир нарсани вайрон қилур. Бас, масканларидан бошқа нарса кўринмай қолди. Жиноятчи қавмларни шундоқ жазолайрмиз. (Од қавмига юборилган шамол алоҳида азоб шамоли эди. У Аллоҳнинг амри ила нимага тегса, вайрон (ҳалок) қилиши керак эди.)
(26) Ва, дарҳақиқат, Биз уларга сизга бермаган имконларни берган эдик. Ҳамда қулоқ, кўз ва қалблар ато этдик. Бас, на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари уларга ҳеч бир фойда бермади. Чунки улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилган эдилар. Бас, уларни ўзлари масхара қилган нарса (азоб) ўраб олди.
(27) Ҳақиқатда, атрофингиздаги шаҳар-қишлоқларни ҳалокатга учратдик ва шоядки, ўзларига қайтсалар, деб ҳужжат-далилларни баён қилдик. (Аллоҳ таоло Макка мушрикларига ўзлари хабардор бўлган, уларнинг атрофида куфри ва инкори туфайли ҳалокатга учраган Од, Самуд, Сабаъ ва Лут қавмларини эслатмоқда.)
(28) Қани энди, Аллоҳни қўйиб, (У зотга) яқинлаштирувчи деб тутинган худолари уларга ёрдам берсалар эди. Йўқ! Улар ғойиб бўлдилар ва бу уларнинг уйдирма ҳамда тўқиган бўҳтонларидир. (Аввалги оятларни ўрганиш жараёнида тушунганимиздек, мушриклар буту санамларга, булар бизни катта худога яқирлаштирадилар, шафоат қиладилар, деб эътиқод қилар эдилар.)