(29) Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳимдилдирлар. Уларни Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрурсан. Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийдир). Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир. Бу худди уруғини ёриб чиқариб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшайдир. Кофирларнинг ғазабини қўзиш учун. Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрни ваъда қилди. (Саҳобалар, оталари ёки болалари кофирлар сафида бўлсалар, уларга қарши ҳам қаттиққўл бўлганлар. Аммо ким бўлишидан қаттий назар, мусулмонга меҳрибон бўлишган. Уларнинг асосий сифатларидан бири — ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли ва розилиги учун қилишлари. Яна бир сифатлари — улар доим рукуъ ва сажда холатида, яъни, ибодат холатида бўладилар. )
الحجرات Al-Hujuraat
(1) Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан ва Унинг Расулдан олдин шошилманглар. Ва Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир. (Мўмин-мусулмонлар ҳеч бир ишда ҳовлиқмасликлари, ҳар бир нарсани Аллоҳнинг амрига ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига эргашган ҳолда қилишлари лозим.)
(2) Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек дағал сўз айтманг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин. (Бу ояти карима саҳобаларга қаттиқ таъсир қилди. Баъзиларида оятда зикр қилинган камчилик бўлса, тузатди, баъзилари эса, оят айнан, ўзи ҳақида тушган деб қабул қилди.)
(3) Албатта, Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини пастлатганлар, ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақвога имтиҳон қилган зотлардир. Уларга мағфират ва улкан ажр бор.
(4) Албатта, сени ҳужралар ортидан чақираётганларнинг кўплари ақл ишлатмаслар. (Маккаи Мукаррама фатҳ қилингандан сўнг турли қабилаларнинг вакиллари Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, Исломни қабул қилганларини эълон қила бошладилар. Уларнинг кўплари саҳровий, таълим кўрмаган, қўпол аробийлар эдилар. Шулардан бири Бани Тамим қабиласининг бошлиғи ал-Ақраъ ибн Ҳабис келиб, Пайғамбаримиз аҳли аёллари билан истиқомат қиладиган ҳужралари ортидан туриб: «Ҳой, Муҳаммад, ҳой, Муҳаммад, менга қара, менинг мақтовим зийнат, ёмонлашим айбдир», деган экан. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни туширган.)