(171) Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масиҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг Пайғамбари, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринг. Уни учта деманг. Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир, ўзга эмас У Ўзининг боласи бўлишидан пок бўлди. Осмонлардаги нарсалар Уникидир, ердаги нарсалар Уникидир. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. (Ислом дини инсониятнинг ақидасини тўғри йўлга солишга келган. Бу ўринда насороларнинг ақидасини тўғриламоқда. Маълумки, насроний дини янгилиги вақтида ақида тўғри бўлган. Лекин замон ўтиши билан бу ақида аста-секин бузила борган. Милодий олтинчи асрга келиб, Рим императорларининг тазйиқи остида насроний ақидаси тамоман бузилиб бўлган эди. Насоролар ўз динларида ҳаддан ошиб кетдилар. Аллоҳнинг бандаси ва Пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни, Аллоҳнинг ўғли, дедилар. Сўнгра, Аллоҳ уч аслдан–ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборатдир, деб даъво қилдилар. Шунингдек, Биби Марямни ҳам илоҳлик даражасига кўтардилар. Худонинг табиати ҳақида битмас-туганмас ихтилофларга тушдилар. Охири келиб, ўзлари ҳам тушуниб етмайдиган ақидавий машмашаларга гирифтор бўлдилар. Уларнинг ушбу ва шунга ўхшаш кўплаб ишлари динда ғулувга кетиш–ҳаддан ошиш эди.)
(172) Масиҳ ҳам, муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор бош тортмаслар. Ким унинг ибодатидан бош тортса ва мутакаббирлик қилса, уларнинг ҳаммасини Ўзига тўплайди.
(173) Иймон келтириб яхши амалларни қилганларни эса, ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан ҳам зиёда қилур. Аммо ор қилиб кибрга кетганларни аламли азоб билан азоблар ва улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топмаслар.
(174) Эй одамлар! Сизга Роббингиздан бурҳон келди ва сизга аниқ нурни нозил қилдик. (Бу бурҳон Қуръони Каримдир. Ушбу бурҳон Аллоҳнинг ягоналигининг бурҳонидир. Ушбу бурҳон Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳақликлари бурҳонидир. Ушбу бурҳон Исломнинг икки дунё саодатига элтувчи дин эканлигининг бурҳонидир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига раҳм этиб, уларга икки дунё бахтига эришиш дастури қилиб нозил этган бу Қуръон аниқ нурдир.)
(175) Аллоҳга иймон келтирган ва Уни маҳкам тутганларни, шубҳасиз, уларни ўзидан бўлган раҳматга ва фазлга киритади ва уларни Унга–тўғри йўлга ҳидоят қиладир.