(80) Улар учун истиғфор айтсанг ҳам ёки истиғфор айтмасанг ҳам (барибир). Агар улар учун етмиш марта истиғфор айтсанг ҳам, Аллоҳ уларни зинҳор мағфират қилмас. Бу уларнинг Аллоҳ ва Унинг Расулига куфр келтирганлари учундир. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас. (Мунофиқлар сурасидан маълумки, мунофиқларнинг гуноҳларини мағфират қилишни сўраб, улар учун истиғфор айтиш таклиф қилинган. Пайғамбаримиз (с. а. в.) бу ишга моил бўлганлар. Ўшанда ҳам шу маънодаги ояти карима нозил бўлган. Биз ўрганаётган ояти каримадан билиниб турибдики, Табук ғазоти асносида мунофиқларнинг кирдикорлари кетма-кет фош бўлгандан кейин яна улар учун истиғфор айтиш таклифи бўлган ёки ҳолат шуни тақозо қилиб қолган. Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммадга (с. а. в.) хитоб қилиб, мунофиқлар учун истиғфор айтишлари ва айтмасликлари барибир эканлигини, фойдаси йўқлигини билдирмоқда.)
(81) Улар Аллоҳнинг Расулига хилоф қилиб ортда қолганлар ўтирган жойларида хурсанд бўлдилар ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари билан жиҳод қилишни ёқтирмадилар ҳамда «Иссиқда қўзғолманглар», дедилар. Сен: «Жаҳаннамнинг оташи иссиқроқ, агар тушунсалар», деб айт. (Яъни, улар одамларни ҳам ўзларига ўхшаб сафарбарликдан қочишга чақирдилар. Улар бу дунёнинг арзимаган иссиғидан қочишмоқдаю, аммо ўзларини охиратнинг ашаддий иссиғига дучор қилишмоқда.)
(82) Бас, қилган касблари туфайли оз кулиб, кўп йиғласинлар. (Улар бу дунёда қанча кўп кулсалар ҳам оз бўлади, охиратда кўп йиғлашлари турган гап.)
(83) Бас, Аллоҳ сени улардан бир тоифасига қайтарса-ю, улар сендан (урушга) чиқишга изн сўрасалар: «Мен билан ҳеч қачон чиқмайсизлар ва мен билан бирга ҳеч қачон жанг қилмайсизлар, сизлар биринчи мартада ўтиришга рози бўлдингиз, бас, ортда қолувчилар билан ўтираверинглар», деб айт.
(84) Ва ҳеч қачон улардан ўлган бирортасига ҳам (жаноза) намоз ўқима, қабри устида турма. Чунки улар Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирдилар ҳамда фосиқ ҳолларида ўлдилар. (Чунки, жаноза намозини ўқиш, бировнинг қабри устида туриш ўлган учун катта ҳурмат ва эъзоздир. Бу улкан ҳурмат ва эъзозни ҳақдор кишиларга қилиш керак. Мунофиқ ва фосиқлар бунга лойиқ эмаслар.)
(85) Уларнинг мол-дунёлари ва бола-чақалари сени ажаблантирмасин. Аслида, Аллоҳ ўша нарсалар сабабли уларни дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишни хоҳлайди, холос.
(86) «Аллоҳга иймон келтиринглар ва Унинг Расули билан жиҳод қилинглар», деб сура нозил қилинган пайтда улардан бой-задагонлари: «Бизни тек қўй, ўтирувчилар билан бирга бўлайлик», деб изн сўрарлар.