(106) Аллоҳга истиғфор айт! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.
(107) Ўз жонларига хиёнат қиладиганларни мудофаа қилма. Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва гуноҳкор бўлган кимсани хуш кўрмас. (Аллоҳ таоло бу оятда Тўъма ибн Убайрақ ва унинг қариндошларини «ўз жонларига хиёнат қилганлар», деб васф қилмоқда. Аслида, улар яҳудий шахсга хиёнат қилган, ўғрилик айбини унга ағдарган эдилар. Лекин бу ишнинг ёмонлиги уларга қайтиши эътиборидан ўзларига хиёнат қилган ҳисобланади. Ўғрилик қилиш–гуноҳкорлик, айбни ноҳақдан бировга ағдариш эса, хиёнатдир.)
(108) Одамлардан яширадилар ва Аллоҳдан яшира олмаслар. Xолбуки, У Ўзи рози бўлмайдиган гапни хуфёна келишаётганларида ҳам улар ила биргадир. Ва Аллоҳ улар қилаётган амалларни ихота қилувчи зотдир.
(109) Ҳой, сизлар! Бу ҳаёти дунёда уларнинг ёнини олдингиз. Қиёмат кунида Аллоҳ олдида уларнинг ёнини ким олади ёки ким уларга вакил бўлади?!.
(110) Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади.
(111) Ким гуноҳ қилса, фақатгина ўз зарарига қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир. (Бировнинг гуноҳи учун бошқа биров жавобгар бўлмайди. Ҳар ким ўз қилмиши учун жавобгар бўлади. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб туради, жумладан, гуноҳкорларнинг гуноҳларини ҳам билиб туради. Ўша билишга биноан гуноҳкорни жазолаши унинг ҳар бир нарсани ҳикмат билан қилишлигидандир.)
(112) Ким хато ёки гуноҳ қилса-ю, сўнгра уни беайбга ағдарса, шубҳасиз, бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз бўйнига олибди.
(113) Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, улардан бир тоифаси сени адаштиришга уринган эдилар. Улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сенга ҳеч зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди. (Яъни, Аллоҳ таоло ўз фазли ва марҳамати ила оятлар тушириб, ҳақиқатни баён қилмаганида, Тўъма ибн Убайрақнинг қавми, уни одамлар олдида оқлашни талаб қилиб, айбни яҳудий шахсга ағдариб, Пайғамбарни адаштиришга уриниб қолган эдилар. Аммо бу ишлари билан улар ўзларини адаштирадилар, холос. Xар қанча уринсалар ҳам Пайғамбарга (с. а. в.) зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ доимо ўз Пайғамбарини сақлайди. Мазкур ҳодисада ноқулайликдан сақлаб қолгани ўзига хос фазлу карамдир. Лекин асосий фазли ва ҳақиқий марҳамати: «Аллоҳ сенга китобни (Қуръонни) ва ҳикматни (суннатни) туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва (шу билан) сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди».)