(32) У зот: «Эй иблис! Сенга не бўлди, сажда қилувчилар билан бирга бўлмаслигингга?» деди.
(33) У: «Сен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратган башарга сажда қила олмасдим», деди.
(34) У зот: «Бас, сен ундан чиқ! Албатта, сен қувилгансан!
(35) Ва, албатта, сенга то жазо кунигача лаънат бўлур!» деди.
(36) У: «Эй Роббим, мени улар қайта тириладиган кунгача қўйиб қўйгин», деди.
(37) У зот: «Албатта, сен қўйиб қўйилганлардансан.
(38) Маълум вақт кунигача», деди.
(39) У: «Эй Роббим, мени залолатга кетказганинг сабабидан, албатта, мен уларга ер юзида (гуноҳларни) зийнатлаб кўрсатаман ва, албатта, уларнинг ҳаммасини иғво қиламан.
(40) Магар, улардан танланган бандаларингни (адаштира олмайман)», деди.
(41) У зот: «Ушбу зиммамдаги тўғри йўлдир:
(42) Албатта, Менинг бандаларим устида сенинг султонинг йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳларгагина бордир.
(43) Албатта, жаҳаннам уларнинг барчасининг ваъда қилинган жойидир.
(44) Унинг етти эшиги бордир. Ҳар бир эшик учун улардан тақсимланган бўлаги бордир» деди. (Баъзи ривоятларда келишича, жаҳаннам етти қаватдан иборат бўлиб, ҳар қаватининг алоҳида эшиги бўлар экан. Ҳар қавати бир-биридан ашаддийроқ бўлар экан. Чунки гумроҳлик, хатокорлик ҳам ҳар хил бўлади. Қилган гуноҳи даражасига қараб кофирлар турли қаватларга киритилади. Шайтонга эргашган гумроҳлар тақсимлаб, бўлиб-бўлиб, гуруҳларга ажратиб қўйилган бўлади. Ўша мазкур етти эшикдан гуноҳининг кўп-озлигига қараб бирин-кетин киритилаверадилар.)
(45) Албатта, тақводорлар жаннатлар ва чашмалардадир.
(46) «У(жаннатлар)га тинчлик, омонлик ила киринглар» (дейилур).
(47) Уларнинг дилларидаги ғилли-ғиштларни чиқариб ташладик. Сўриларда бир-бирларига боқиб, дўст бўлган ҳолларида ўлтирурлар. (Инсон қанчалик моддий роҳат-фароғатга эришмасин, кўнглида бир оз ғашлик бўлса, унга ўша роҳат-фароғат татимайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила жаннатга сазовор қилган тақводор бандаларининг дилларида ғашликлар, яъни, ҳиқду ҳасад, кўра олмаслик каби баъзи бир иллатлар бўлса, чиқариб ташлайди.)
(48) Уларни у жойда чарчоқ тутмас ва улар ундан чиқарилувчи ҳам эмаслар.
(49) Бандаларимга хабар бергил: «Албатта, Менинг Ўзим ғофуру роҳиймдирман».
(50) Ва, албатта, азобим аламли азобдир.
(51) Уларга Иброҳимнинг меҳмонлари хабарини бер.