(40) Ажаб эрмас, устин келсалар, сеҳргарларга эргашсак», дейилди. (Турли муносабатлар ила одамларни тўплаш, билан уларни чалғитиш ва ўзига маҳлиё этиш ҳам туғёнкор ҳокимларнинг одати. Сеҳргарлар билан Мусо алайҳиссалом тортишувини ғанимат билиб роса одам йиғдилар.)
(41) Сеҳргарлар келган чоғларида Фиръавнга: «Агар биз ғолиб келгувчи бўлсак, бизга, албатта, ҳақ бериладими?» дедилар.
(42) У: «Ҳа! У ҳолда сиз, албатта, энг яқинларимдан бўласиз», деди.
(43) Мусо уларга: «Сиз ташлайдиган нарсангизни ташланг», деди.
(44) Бас, улар арқонлари ва асоларини ташладилар ва «Фиръавннинг иззати билан қасамки, албатта, биз ғолиблармиз», дедилар.
(45) Сўнгра Мусо асосини ташлаган эди, бирдан у уларнинг уйдирмаларини юта бошлади. (Сеҳргарлар арқонларини ташлаганида, илонга айланмаган, уларнинг найранги туфайлигина кишилар кўзига шундай кўринган эди, холос. Кейин Мусо алайҳиссалом асоларини ташладилар ва у аждарга айланиб, Фиръавн сеҳргарларининг асо ва арқонларини юта бошлади.)
(46) Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида йиқилдилар.
(47) Улар: «Роббул Оламийнга иймон келтирдик.
(48) Мусо ва Ҳоруннинг Роббига», дедилар.
(49) У: «Мен сизга изн бермасимдан олдин унга иймон келтирдингиз! Албатта, у сизга сеҳр ўргатган каттангиздир! Энди тезда биласиз, мен, албатта, қўл-оёғингизни қарама-қарши томонидан кесажакман ва барчангизни осажакман», деди.
(50) Улар: «Зарари йўқ. Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз.
(51) Мўминларнинг аввалгиси бўлганимиз учун Роббимиз хатоларимизни кечиришидан умид қиламиз», дедилар.
(52) Ва Мусога: «Бандаларим билан кечаси йўлга чиқ. Албатта, таъқиб этилурсиз», деб ваҳий юбордик.
(53) Бас, Фиръавн шаҳарларга тўпловчилар юборди:
(54) «Шубҳасиз, анавилар озгина тоифадирлар.
(55) Албатта, улар бизни ғазаблантиргувчилардир.
(56) Албатта, биз ҳаммамиз ҳушёрмиз», деб.
(57) Бас, Биз уларни боғ-роғлар ва булоқлардан.
(58) Хазиналар ва муҳтарам маскандан чиқардик. (Яъни, Фиръавн ва унинг қавмини боғ-роғларидан ва булоқларидан, хазиналаридан ва ҳашаматли масканларидан чиқардик.
(59) Ана шундай. Ўша(нарса)ларни Бани Исроилга мерос қилиб бердик.
(60) Бас, уларни қуёш чиқиш пайтида қувиб етдилар.